Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида «Шўрланишни тўхтатиш – тупроқ унумдорлигини ошириш» мавзусида шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиуми ўтказилди. Илмий-сиёсий тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва унинг Глобал тупроқ ҳамкорлиги, Тупроқ бўйича давлатлараро техник кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бир қатор миллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.
Шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиумнинг асосий мақсади – фан, амалиёт ва сиёсатни бирлаштириш, шўрланган тупроқларни бошқариш билан боғлиқ ҳолат ва муаммоларни таҳлил қилиш ва тупроқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ихтиёрий кўрсатмаларни амалга ошириш учун ҳаракатни рағбатлантиришдир. Симпозиум шўрланган тупроқларни барқарор бошқариш учун мавжуд билим ва амалий ечимлар ҳақида фикр алмашиш, шунингдек, муваффақиятли амалиёт ва технологияларни кенгайтириш учун зарур бўлган ҳаракатларни муҳокама қилиш учун платформалар яратади.
Тупроқлар озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва кўплаб муҳим экотизим хизматлари кўрсатиш учун асосдир. Тупроқ ресурсларини барқарор бошқариш озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш, озиқ-овқатнинг озуқавий қийматини яхшилаш, шунингдек иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатишга ёрдам беради.
Виртуал форматда ўтказилган Глобал симпозиум доирасида 2021-йил 20-октабр куни Тошкентда «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда шўрланган тупроқларнинг интеграллашган бошқаруви ва мелиорацияси: янги ёндашувлар ва инновацион ечимлар» мавзусида миллий симпозиум бўлиб ўтди. Тадбирда ФАО экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси илмий-тадқиқот институтлари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда шунингдек, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти директори Шуҳрат Бобомуродов сўзга чиқиб, суғориладиган ерларнинг иккиламчи шўрланишини олдини олиш, шўрланган тупроқлар муҳофазаси, сунъий интеллект масалаларига тўхталиб ўтди.
Миллий симпозиумда республикамизнинг суғориладиган ерларини иккиламчи шўрланишини олдини олиш, шўрланган тупроқларни муҳофаза қилишда рақамли ва сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, иқлим ўзгариши шароитида Орол денгизининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал етиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Тадбир давомида замонамизнинг енг йирик экологик офатларидан бирига эътиборни қаратишга мўлжалланган «Орол денгизининг қуриган тубини тиклаш» видеофильми тақдим этилди.
Бундан ташқари, Миллий симпозиум доирасида иқтидорли ёшларнинг “Энг яхши илмий ишлари”ни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.