Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2022 йил ҳосили учун пухта тайёргарлик кўриш ишлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жадаллик билан давом этмоқда. Жойларда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқ эгалари фермерлар, кластерлар ва томорқа ишлари билан шуғулланувчилар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Бу галги ана шундай учрашувлардан бири Навоий вилоятида бўлиб ўтмоқда.
Навоий вилоятининг табиати ўзига хос ранг-баранг бўлиб, шимоли-ғарбий қисмида Қизилқум саҳроси чўллари, жануби-шарқий қисмида осмонўпар Нурота тоғ тизмалари ҳамда Зарафшон дарёсининг ўрта қисмида бой ва турфа-хил деҳқончилик далалари мавжуд. Қизилтепа тумани эса Навоий вилоятидаги етакчи энг йирик туманлардан ҳисобланади. Тупроқлари типик бўз, оч тусли бўз, ўтлоқи-бўз ва бўз-ўтлоқи, сур тусли қўнғир-ўтлоқи, чўл-ўтлоқи, ўтлоқи-тақирли тупроқлардан иборат.
Бугун бўлиб ўтган семинарда “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази” қошидаги илмий-тадқиқот институтлари директори ва бир гуруҳ соҳа олимлари йиғилиш иштирокчиларига ўз соҳа йўналишлари бўйича маърузалар қилдилар. Йиғилишда Тупроқшунослик ва агрокимё институти директори Шуҳрат Бобомуродов, “Тупроқ унумдорлигини бошқариш ва баҳолаш бўлими” катта илмий ходими, биология фанлари фалсафа доктори А.Х.Қораевлар ҳам бевосита иштирок этдилар. Шунингдек мазкур семинарда институтимиз “Тупроқ физикаси ва техналогияси” бўлими бошлиғи, биология фанлари фалсафа доктори, катта илмий ходим Ў.Т.Собитов нутқ сўзлади. У – ўз нутқида ҳудудда тарқалган гипсли тупроқларнинг кучли шўрланганлиги, ўта зичлашганлигини инобатга олган ҳолда турли даражада гипслашган тупроқлардан самарали фойдаланиш ҳақида йиғилиш қатнашчиларига ўз фикр мулоҳазаларини билдирди ва зарурий тавфсиялар берди. Шунингдек, семинар иштирокчилари ижтимоий масофани сақлаган ҳолда тақдимотлар сўнгида даладаги амалий ишлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.
Бундай соҳа олимлари иштирокидаги жонли тарзда ўтказилаётган семинар учрашувлардан барча мамнун. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорларимиз учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳар қандай юксак таҳсинга лойиқ десак тўғри бўлади. Семинар эса ҳали ўз ишини давом эттиради.