Аввал хабар берганимиздек Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2022 йил ҳосили учун пухта тайёргарлик кўриш ишлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жадаллик билан давом этмоқда. Ушбу жараёнларда қишлоқ хўжалигининг барча илмий тадқиқот институтлари раҳбарлари ва соҳа олимлари жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Айни кунларда ана шундай учрашувлар Сурхондарё вилоятининг бир нечта туманларида ташкил этилди.
Семинар йиғилишлари бугун вилоятнинг Қизириқ, Бандихон, Жарқўрғон ва Қумқўрғон туман марказларида бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишларда туманлардаги қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари — пахтачилик, ғаллачилик; шунингдек, боғдорчилик, токчилик, сабзавотчилик, пиллачилик, чорвачилик билан шуғулланувчи фермер ер эгалари ва кластерлар иштирок этдилар. Жонли тарзда бўлиб ўтган ушбу учрашувларда Тупроқшунослик ва агрокимё институти “Тупроқ физикаси ва техналогияси” бўлими бошлиғи, биология фанлари фалсафа доктори, катта илмий ходим Ў.Т.Собитов ҳамда “Тупроқ унумдорлигини бошқариш ва баҳолаш” бўлими катта илмий ходими, биология фанлари фалсафа доктори А.Х.Қораевлар бевосита иштирок этиб нутқ сўзладилар. Институтимиз олимлари ўз маърузаларида ушбу туман ҳудудларида тарқалган тупроқлар ва уларнинг кимёвий хосса-хусусиятлари, тупроқлардан самарали фойдаланиш меъёрлари хусусида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди ва зарурий тавсиялар бердилар.
Шунингдек, семинар иштирокчилари маърузалардан сўнг даладаги амалий ишлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.
Бундай соҳа олимлари иштирокидаги жонли тарзда ўтказилаётган семинар учрашувларидан эса барча мамнун. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2022 йил ҳосили учун ташкиллаштирилган бу каби семинар учрашувлар мамлакатимизнинг барча вилоятларида бўлиб ўтиши назарда тутилган.