ҲАМКОРЛИК – МУВАФАҚҚИЯТЛАР ГАРОВИ!

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

 

SS4

Бугунги кунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан илм-фан ва тупроқшунослик соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, Институт фаолияти самарадорлигини янада ошириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва жорий этишдир.

SS1

Айнан шу мақсадда Институтда ҳалқаро хамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда Институт директори, биология фанлари доктори Шуҳрат Бобомуродов, Германия Республикасининг нуфузли Ганновер Университети Тупроқшунослик институти директори, профессор, доктор Георг Гуггунбергер ҳамда қўшни Қозоғистон давлатининг У.У.Успанов номидаги Қозоғистон Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти директори Раушан Рамазанова, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ерлар деградацияси, қурғоқчилик ва чўлланиш тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва ишлов бериш бошқармаси бошлиғи Саъдулла Зайнабиддинов  ва бошқа юқори малакали тупроқшунос олимлар иштирок этди.

SS2

Мазкур учрашув уч томонлама ҳамкорлик қилиш масалаларига қаратилди. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Германия ва Қозоғистон мамлакатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик кун сайин янги босқичда жадал тараққий этмоқда. Бу айниқса қишлоқ хўжалиги, энергетика, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва таълим соҳалардаги муносабатлар мустаҳкамланишида ёхуд уч давлат манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишида ўз ифодасини топмоқда. Шу ўринда ушбу давлатларнинг қишлоқ хўжалиги тизимидаги тупроқшунослик соҳаси бўйича ҳам ўзига хос ривожланиш йўли ва илғор ютуқлари мавжуд.

SS3

Шунингдек, мазкур тадбирда ҳар уч давлат вакилларининг ҳозирги кундаги тупроқшунослик соҳасидаги энг долзарб мавзулар: – ХХI аср экологияси, дунёда рўй бераётган глобал иқлим ўзгариши, ерлар деградациясига қарши курашиш, биохилма-хилликни асраш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ерларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларга биргаликда ечим излаш, илмий ва амалий тажриба алмашиш асносида соҳадаги ёш олим ва мутахассисларни илмий салоҳиятини ошириш каби массалалар юзасидан самимий мулоқоти бўлиб ўтди.

Мулоқотлар якунида ҳар уч давлат тупроқшунос олим ва юқори малакали мутахассислари томонидан тез фурсатларда халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг серқирра истиқболлари бўйича меморандум тузишга келишиб олинди.

© 2024 Tuproqshunoslik va agrokimyoviy tadqiqotlar instituti